Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб солиқдан қарздор юридик шахсларнинг мол-мулкларига тақиқ қўйилиши мумкин

Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ҳамда буджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлашга оид қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун маълум қилинди. Бу ҳақда Дарё хабар берди.

Хабарга кўра, қарор билан юридик шахсларнинг бажарилмаган солиқ мажбуриятлари бўйича уларнинг мол-мулкини хатлаш ва тақиқ қўйиш тартиби ишлаб чиқилади.

Қайд этилишича, 1 майдан бошлаб:

  •  юридик шахсларнинг бажарилмаган мажбуриятлари бўйича уларнинг мол-мулклари, активлари ва даромадларига тақиқ қўйилади;
  • давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга давлат буджети ва жамғармалар маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш товарларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) субъектларнинг қўшилган қиймат солиғидан жорий қарзи мавжуд бўлмаган тақдирдагина амалга оширилади;
  • субсидияларни бошқариш ваколатига эга бўлган давлат органлари ва ташкилотлари субсидияни ажратишда товарларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) субъектларнинг қўшилган қиймат солиғидан жорий қарзи мавжуд эмаслигини текширади.

Қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш ва хатлаш ваколатли органлар, муассасалар, ташкилотлар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ваколатига эга бўлган шахслар билан ёзма ёки ахборот-коммуникация тизимлари орқали электрон маълумот алмашиш шаклида амалга оширилади. Бунда солиқ органи сўров юбориш орқали ваколатли органлардан қарздорнинг мол-мулклари тўғрисидаги маълумотларни олишга ҳақли.

Маълум бўлишича, солиқ органининг сўрови ёки қарорига асосан ички ишлар органлари қарздорнинг автомототранспорт воситаларини қидириш, тўхтатиш ва белгиланган жойларга вақтинча сақлаш учун олиб борилишини таъминлайди ҳамда қарздорнинг автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўяди.

Шунингдек, Кадастр агентлиги ва ҳудудий бўлимлари қарздорнинг кўчмас мулки ва (ёки) ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўяди. Солиқ тўловчининг миллий валютадаги банк ҳисобварақларида маблағ етарли бўлмаганда, унинг чет эл валютасидаги маблағларини солиқ қарзидан ортиқ миқдорда сотилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади.
Мол-мулкни хатлаш ёки тақиқ қўйиш тўғрисида солиқ органи қарори ушбу қарор қабул қилган солиқ органи ёки юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан бекор қилиниши мумкин.

Таъкидланишича, у қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

  • солиқ қарзи тўлиқ ҳажмда буджетга тўланганда (қопланганда);
  • солиқ кодексининг 107-моддасига мувофиқ, мол-мулк гаровига алмаштирилганда;
  • солиқ органи қарори асосида хатланган мол-мулк бўйича солиқ қарзини мажбурий ундирувга қаратиш юзасидан суд
  • ҳужжати ёки солиқ органи қарори асосида МИБ томонидан хатланганда;
  • солиқ кодексининг 11-бобида назарда тутилган тартибда солиқ қарзини тўлаш муддати кечиктирилган ёки бўлиб-
  • бўлиб тўлашга рухсат берилганда;
  • солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилганда;
  • қарздор банкрот деб эътироф этилганда.

Ушбу қарор лойиҳаси муҳокамаси 14 мартгача давом этади.

Янгиликлар