Россия ва Украинада бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари огоҳликка чақирилди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги сўнгги кунларда Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳамда ушбу давлатлар ҳудудларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ тарқалган турли хабарларга муносабат билдирди.
“Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга ишлаш мақсадида бормасликни, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Россиянинг Волгоград шаҳридаги автобусларда Россия армиясига хизматга қабул қилиш тўғрисида ўзбек тилидаги эълонлар пайдо бўлганди. Ойига 200 минг рубль (тахминан икки минг доллардан ошади) ваъда қилинган даромаддан ташқари, хизматга боришни истаганлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши эслатиб ўтилади. Бундай эълонлар хорижлик фуқаролар учун мўлжаллангани ва тожик, қозоқ тилларида ҳам чоп этилиши таъкидланган.