Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар реестри ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича янги чора-тадбирларни назарда тутувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Ҳужжатга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг нафар, 2025 йилда эса 1 миллион нафар фуқарони қашшоқликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг, шунингдек, барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифаси этиб белгиланди:

• барқарор бандлик ва юқори даромадларга эришиш;
• таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш;
• кафолатланган давлат тиббий ёрдамидан фойдаланиш;
• ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;
• яшаш шароитларини яхшилаш;
• маҳалла инфратузилмасини давлат томонидан ривожлантириш;
• ҳукумат вакиллари билан бевосита мулоқот.

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Миллий аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш агентлиги «Маҳалла еттилиги» томонидан кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва қашшоқликка тушиб қолиш сабабларини ўрганиш натижаларига кўра кам таъминланган оилалар реестрини шакллантиради.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

• Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун нафақа ва моддий ёрдам оладиган расмий ишсиз оила аъзолари иш билан таъминланган, ўзини-ўзи банд қилган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган тақдирда, ушбу нафақалар ва моддий ёрдамларни тўлаш уларни тўлаш муддати тугагунга қадар давом этади, лекин олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга;

• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;

• кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг шахсий томорқаларидан самарали фойдаланиш (экин экиш), билим олиш, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.

Ўзбекистон