Хорижда ўзбек миллий таомлари ресторани очадиганларга харажатининг ярми қоплаб берилади

Хорижий давлатларда ўзбек миллий таомларига ихтисослашган ресторанлар очадиган тадбиркорларнинг харажатлари қисман қоплаб берилади. Бу ҳақда президентинг туризмни ривожлантиришга оида фармонида кўзда тутилган.

Бу чора 2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризмнинг иқтисодий аҳамиятини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Туризм қўмитаси белгилаган етакчи хорижий давлатларда ҳар йили 50 та шундай ресторан ташкил этилади. Улар учун фаолиятни бошлашдаги рўйхатдан ўтиш, ижара, дизайн ва ускуна харажатларининг 50% и (25 минг долларгача) бир марталик субсидия тарзида тўланади.

Шунингдек, ўзбек таомларини тайёрлаш учун Ўзбекистондан бир йилда 300 кг маҳсулот олиб чиқиш билан боғлиқ транспорт харажатларининг 50% и (ҳар бир субъект учун 100 млн сўмгача) ҳам қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун ҳар йили 30 млрд сўм ажратилади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача меҳмонхоналар ва ресторанлар ўз фаолиятини тарғиб қилиш учун тайёрлайдиган видеоролик ва клиплар харажатларининг 50% и (лекин 50 млн сўмдан ошмаган миқдор) Туризм жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади. Бу йўналишга ҳар йили 20 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур чоралар орқали хорижда ўзбек миллий ошхонасини тарғиб қилиш ва туризм салоҳиятини кучайтириш кўзда тутилган.

 

Қарорлар