Трамп Украина бўйича вакилига урушни 100 кунда тугатишни топширди
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг Украина ва Россия масалалари бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогга Россия—Украина урушини 100 кун ичида тугатишга эришишни топширди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Деярли ҳеч ким, айниқса россияликлар, у буни қила олади деб ўйламайди, дейди хабар муаллифлари.
Шу билан бирга, хабарда айтилишича, кузатувчилар «Трамп Украина бўйича музокараларни шахсан назорат қилиш ниятида» деб ҳисоблайди.
Келлог унга музокаралар бўйича маслаҳат беради, аммо Трампнинг маслаҳатга муҳтожлиги аниқ эмас, дея қайд этади WSJ.
Журналистларнинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин билан келишув тузиш Трамп сайлов кампанияси давомида Оқ уйга қайтганидан кейин 24 соат ичида Украинадаги урушни тугатишга ваъда берганида ўйлаганидан анча қийин бўлади.
Келлогнинг ўзи Трампнинг инаугурациясидан олдинроқ Fox News телеканали эфирида Украинадаги ҳарбий можарони 100 кун ичида ҳал қилиш учун ечим топишни хоҳлашини айтганди. Бироқ ўша пайтлардаёқ экспертлар бундай интилишни нореал деб аташган.