Россияда мигрантлар пул ўтказмалари учун бож тўлаши мумкин 

Россиянинг «Адолатли Россия» партияси депутатлари мигрантларнинг пул ўтказмалари учун бож жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда партия етакчиси Сергей Миронов хабар берди.

Депутатлар тегишли таклиф бўйича қонун лойиҳасини тайёрлайди ва парламентнинг қуйи палатасига киритади. 

Мигрантларнинг пул ўтказмаларига давлат божини жорий этиш лозим… Агар 3 фоизлик бож жорий этилса, ғазна фақатгина икки мамлакатга — Қирғизистон ва Ўзбекистонга — ўтказмалардан 45 миллиард рублдан ортиқ маблағ олади. Наҳотки бизга шундай пул керак бўлмаса?! Қонунчилик ташаббусини тайёрлаб, Давлат Думасига киритамиз, таъкидлади Миронов.

У 2024 йил якунларига кўра, Россиядаги Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўз ватанига 14 миллиард доллардан ортиқ маблағ ўтказганини айтди.

Мигрантларнинг аксарияти эса Россияда ҳеч қандай солиқ тўламайди, айни пайтда улар мамлакатдан катта миқдордаги маблағларни олиб чиқиб кетмоқда. 2021 йилда ҳукуматда пул ўтказмалари учун қўшимча комиссия масаласи муҳокама қилинган эди, лекин Молия вазирлиги бу ишни чўзиб юборди.

Жаҳон