Ўзбекистон Россия ТИВга меҳнат мигрантларига нисбатан муносабат бўйича нотаси юборди

Ўзбекистон ТИВ Москва шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари юзасидан Россия ТИВга нота йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурханов маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, нота Россияда, хусусан, Москвада ўтказилган рейдлар чоғида фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани, уларни ҳақоратлаш ва камситиш ҳолатлари бўйича юборилган. Ўзбекистон томони бу каби ҳаракатлар икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга зид эканини таъкидлаган.

10 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги миграция масалаларига оид учрашувда Ўзбекистон ТИВ Россия ҳудудида фуқароларимизга нисбатан рўй бераётган рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва зўравонлик ҳолатларидан ташвиш билдирган.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Москвада ОМОН ходимлари Строгино туманида жойлашган мудофаа объектида яшовчи меҳнат муҳожирларига нисбатан рейд ўтказган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тартибот ходимлари одамларни хоналаридан ҳайдаб чиқарган, айримларига эса жисмоний куч қўллаган. Интернетда тарқалган видеоёзувларда муҳожирларга нисбатан ишлатилган ҳақоратли сўзлар ҳам акс этган.

ТИВ баёнотида айтилишича, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатнинг устувор вазифаси саналади. Шунингдек, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашишга чақирилган.

Ўзбекистон элчихонаси ҳам Россия томонига тегишли дипломатик каналлар орқали норозилик билдирган. Нотада юзага келган вазият инсон ҳуқуқларининг очиқчасига бузилгани сифатида баҳоланиб, бунга рухсат бериб бўлмаслиги таъкидланган.

Вазирлик ушбу масалани доимий назоратда сақлашини ва зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўрилишини билдирган.

Сиёсат