Фарғонада томорқасида 205 туп каннабис етиштирган эркак аниқланди
Фарғона вилояти Данғара туманида ўз уйининг томорқасида кўп миқдорда каннабис гивоҳвандлик ўсимлигини етиштириб келган фуқаро аниқланди.
Маълум қилинишича, Данғара тумани ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан «Қорадори—2022» тадбири ўтказилган. Тадбирда фуқаро Жўраев яшаш хонадони томорқасида 205 туп каннабис етиштириб келаётгани аниқланган. Ўсимликлардан намуналар олиниб, қолган гиёҳвандлик ўсимликлари ёқиб юборилган.
Бундан ташқари, фуқаро Жўраевнинг яшаш хонадонидаги шкаф ичидан 46,39 грамм марихуана топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан юритилган иш жиноят ишлари бўйича Данғара тумани судида кўриб чиқилиб, унга ҳукм ўқилган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 270-модда (тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми ҳамда 276-модда (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.