Украина Россияга қарши энг йирик дрон ҳужумини амалга оширди
11 март куни тонгги соатларда Украина Россия ҳудудига кенг кўламли дрон ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда РБK хабар берди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат мудофаа тизими жами 337 та украин дронини йўқ қилган. Бу ҳозиргача қайд этилган энг йирик ҳужумлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ҳужум натижасида Москва, Ленинград, Белгород, Брянск, Курск ва Орёл вилоятлари нишонга олинган. Айниқса, Москва вилоятида дрон парчалари тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Россия расмийларининг айтишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳужумнинг олдини олишга ҳаракат қилган ва кўплаб дронлар нишонга етиб бормасидан йўқ қилинган.
Мазкур ҳужум АҚШ ва Украина ўртасидаги стратегик музокаралар ўтказилаётган кунга тўғри келгани диққатга сазовор. Россия томони бу ҳужумни Киев томонидан шиддатли эскалация сифатида баҳолаб, жавоб чоралари кўрилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Россия расмийлари аҳолини ҳушёрликка чақирар экан, мамлакат мудофаа кучлари ҳаво ҳужумларига қарши чораларни кучайтирганини маълум қилди. Украина эса ҳозирча бу ҳужум юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ.