Самарқандда учта тарихий масжид бузиб ташлангани аниқланди

Самарқанд вилоятида XIX-XX асрларга оид учта тарихий масжид биноси бузиб ташлангани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Прокуратура органлари ва Маданий мерос агентлиги ўтказган назорат тадбирлари давомида мазкур масжидлар бузилгани, шунингдек, яна бир масжид рухсатсиз таъмирлангани аниқланди. Натижада ёдгорликларга умумий ҳисобда 46,8 миллиард сўмлик зарар етказилган.

Жумладан:

  Каттақўрғон туманидаги “Кушоқ ота” масжиди бузилиши натижасида 19,6 миллиард сўмлик зарар етказилган;

  Ургут туманидаги “Аҳмад Яссавий” ва “Ҳожи Ўринбой” масжидлари бузилгани учун 17 миллиард сўмлик зарар қайд этилган;

  Самарқанд туманидаги “Кулба” архитектура ёдгорлиги рухсатсиз таъмирлангани сабабли 10,2 миллиард сўмлик зарар келтирилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Самарқанд