Андижонда халқаро террористик ташкилоти тарафдори 8,6 йилга қамалди
Андижон вилоятида халқаро террористик ташкилот тарафдори бўлган ва йиллар давомида диний ақидапарастлик ғояларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб келган шахсга суд ҳукми оқилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Андижон вилоятининг Андижон туманида яшовчи, 1997 й.т. фуқаро 2023 йилдан бошлаб «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилотининг медиа тарғиботчилари таъсирига тушган.
Ташкилотнинг «ҳижрат» ва «жиҳод» қилишга, «шаҳид» кетишга даъват қилувчи, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи ғояларини қўллаб-қувватлаб, материалларни ижтимоий тармоқдаги профиллари орқали тарқатган.
Шунингдек фуқаро ХТТ аъзолари билан доимий алоқага киришиб, ташкилот сафида «жиҳод» амалини бажариш орқали қуролли тўқнашувлар ва террористик ҳаракатларда иштирок этишни режалаштирган.
Бундан ташқари, у ХТТ аъзоларига бевосита молиявий ёрдам кўрсатиб, мунтазам равишда пул маблағларини жўнатиб турган.
Умумий ҳисобда, 2023-2024 йиллар давомида криптовалюта орқали 2912 АҚШ доллари ва банк карталари орқали 4 млн 190 минг сўм пул маблағи юборган, — дейилади хабарда.
Кейинчалик, 2023-2024 йилларда Суриядаги террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун Қирғиз Республикаси орқали 2 маротаба Туркия давлатига боради. Аммо, Сурия давлатига ўтишни имкони бўлмагач, ХТТ аъзосининг кўрсатмаси билан Афғонистонга бориб, «Ислом жиҳоди иттиҳоди» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилишни режа қилади.
Аммо, Эрон давлати орқали Афғонистонга ўтишга уринганда унинг режаси охирига етмай 2024 йилнинг ноябрь ойида қўлга олинади.
Натижада, мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 155-2-моддаси 1-қисми, 155-3-моддаси 2-қисми «а» банди, 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди ва 244-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.