Хоразмда туман ҳокимлиги захирасида бўлган ерни 600 млн сўмга сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди
Хоразмда туман ҳокимлиги захирасида бўлган ерни 600 миллион сўмга сотмоқчи бўлган фуқаро ушланди.

Қайд этилишича, Н.C. исмли фуқаро вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига қилган мурожаатига асосан, вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда, фуқаро А.Ж. Урганч тумани «Ғайбу» маҳалласидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган 0,40 гектар бўш майдонни 600 миллион сўмга сотишга келишиб, келгусида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилгани аниқланган.
Шунингдек, келишилган пуллардан 50 миллион сўмини ариза муаллифидан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), (фирибгарлик) 4-қисми «а» билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.





