Президент қарори билан Аи-80 бензини акциз солиғидан озод қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аи-80 русумли автобензин маҳсулотини акциз солиғидан озод қилиш бўйича» қарори қабул қилинди.

Хабарда келтирилишича, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини «ноль» ставкада қўлланилади.

«Натижада Аи-80 русумли автобензин маҳсулотининг чакана нархи амалдаги нархларга нисбатан ўртача 8,7 фоизга камайиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, акциз солиғининг вақтинча қўлланилмаслиги натижасида аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида 213,7 миллиард сўм маблағ қолади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелга қадар «Ўзнефтгазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция» томонидан, истисно тариқасида, Бизнес омбудсман билан келишилмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини текширишга рухсат берилмоқда.

Бундан ташқари, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Электр энергетикада назорат инспекцияси ўтказиладиган текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-тарожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритиб борилади.

Янгиликлар