«Док-1 Макс» сиропидан вафот этган болаларнинг оилаларига компенсация тўланиши мумкин
Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» сиропини ичиш оқибатида вафот этган болаларнинг ўлими сабаби тасдиқланса, уларнинг оилаларига компенсация тўлаб берилиши мумкин. Бу ҳақда Халқари пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова маълум қилди.

Боситхонованинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳар бир ўлим ҳолати бўйича тергов олиб борилиб (расман 20 нафар боланинг ўлими ҳақида маълум қилинган), улар ичган дори воситалари аниқланмоқда.
«Заҳарланиш содир бўлган дори воситалари ҳужжат билан тасдиқланса, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин. Агарда компенсациянинг барча суммаси тасдиқланса, улар гап-сўзсиз тўлаб берилади», — дейди у.
Элмира Боситхонованинг қўшимча қилишича, одамлар ушбу дори воситасига шу қадар ишонганки, шифокорга маслаҳат сўраб мурожаат қилмасдан, уни ўзлари сотиб олган.
Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган.




