«Цикада» штамми Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарорликка таъсир кўрсатмайди — Отабеков Нурмат
Сўнгги пайтларда хорижий ва маҳаллий ОАВда баъзи мамлакатлар бўйлаб COVID-19 нинг «Цикада» деб номланган янги — BA.3.2 штамми тарқалаётгани ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда.

Санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков ушбу штамм Ўзбекистонда эпидемиологик барқарорликка таъсир қилмаслигини маълум қилди.
Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозиргача АҚШ, Гонконг, Мозамбик ва Буюк Британия каби 23 та давлатда ушбу мутация рўйхатга олинганини маълум қилган.
Аслида, BA.3.2 штамми аниқланганига анча бўлган ва у бир хил тезликда тарқалмаслиги билан характерланади. Шу боис бу мутацияга 17 йилгача «уйқуга кетиши» мумкин бўлган ва узоқ муддат борлигини сездирмайдиган ҳашарот — цикада номи берилган, — дейилади хабарда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳали касалликнинг тарқалиш даражасини кузатиб бориш керак ва жиддий муаммолар юзага келишига асос кўрмаяпмиз, деган хулосасини маълум қилган. Шунингдек, янги штамм бошқаларига нисбатан хавфлироқ эканига доир етарли далиллар мавжуд эмаслиги билдирилди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, «Цикада» штамми «Омикрон» га хос, ўхшаш клиник белгилар билан кечади. У нафас йўллари жароҳатланиши, яъни бурун битиши, йўтал, томоқда оғриқ, қизариш, баъзан ҳид ва таъм билмаслик каби аломатлар билан намоён бўлиши мумкин.
Мутахассислар унга катталарга нисбатан болалар кўпроқ чалинаётганини айтишмоқда. Маълумки, пандемия даврида дунё аҳолисининг катта қисми COVID-19 га қарши эмланди ва шу туфайли уларнинг қайтадан бу касалликка чалиниш эҳтимоли жуда кам. Аммо аввал коронавирус билан рўбарў келмаган, яъни организмида ҳали хасталикка қарши антитаначалар шаклланмаган болаларнинг бу вирусни юқтириш хавфи мавжуд.
Сурункали касаллиги бор, нафас йўллари хасталикларидан азият чекувчилар, иммунитети заиф ва ёши катта инсонлар ҳам бу хавфдан етарли даражада ҳимояланмаган.
Албатта, вирус ўчоқлари аниқланган ҳудудларда бўлиб қайтган одамлар билан имкон қадар мулоқотни чеклашни тавсия қиламиз. Бироқ «Цикада» эпидемия ёки пандемияни келтириб чиқаради, деган фикрдан узоқмиз. Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор. Аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланган. Негаки, юртдошларимизнинг қарийб 80% жамоавий иммунитет вужудга келган, — дейилади хабарда.
Шу маънода, дунёда қайд этилаётган янги штаммлар ҳақида шов-шувли хабарлар тарқатиш тўғри эмаслиги ва хавотирланиш учун ҳеч қандай асос йўқлиги билдирилди.





