Тошкент вилоятида 1,2 тонна сифатсиз гўшт маҳсулотлари савдосининг олди олинди
Тошкент вилояти ИИББ ва Прокуратураси ходимлари томонидан 1,2 тонна сифатсиз гўшт маҳсулотлари савдосига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, вилоят ИИББ карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ва Прокуратура департаменти ходимлари билан ҳамкорликда Зангиота туманида ўтказилган тадбир давомида 1993 йилда туғилган фуқаро Б.Т. (қассоб)га тегишли туман «Гулбоғ» маҳалласида жойлашган (ноқонуний) кушхона холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Текшириш давомида кушхонада санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда сақланаётган, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган (текширув хулосаси билан) вазни 1 тонна 271 кг гўшт маҳсулотлари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.Т. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




