Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилади

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти тадқиқотчиси Олимжон Бойматов томонидан 3D биопринтерлари учун зарур бўлган био-сиёҳ асосини маҳаллий ўсимликлардан олиш усули аниқланди.

Германияда ўталган илмий стажировка натижасида яратилган кашфиётга Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ижобий хулоса берилган бўлиб, ҳозирда у патентлаш жараёнидан ўтмоқда.

Юртимиз олимлари инсон организмига тўлиқ мос тушадиган, зарарсиз, шу билан бирга нарх жиҳатдан ҳам анча арзон, маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мумкин бўлган био-сиёҳ яратиш бўйича узоқ йиллардан бери изланиш олиб бораётган эдилар. Йиллар давомида олинган натижалар биз кутганчалик самарали бўлмаган эди. 2024-йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган стажировка танловида иштирок этдим ва Германиянинг нуфузли Leibniz университетида замонавий биопринт технологиялари ҳамда гидрогеллар олиш бўйича янги методларни ўргандим. Натижада инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконини берувчи био-сиёҳ бўйича ижобий хулосалар олдим. Янги гидрогел таркиби маҳаллий ўсимликлар полисахаридларидан иборат бўлиб, унда инсон ҳужайралари — iMSC яшай олади ва ривожланади. Бу эса инсон танасига бегона бўлмаган, тез мослашувчан ва хавфсиз сунъий аъзолар ҳамда тўқималарни чоп этишда айни муддао, — дейди Олимжон Бойматов.

Маълумки, бутун дунёда миллионлаб инсонлар органларни кўчириб ўтказиш амалиёти учун навбатда турадилар. Бунинг асосий сабаби — ҳар доим ҳам зарур орган бўйича донор топилавермайди.

Муаммога ечим топиш мақсадида дунё олимлари томонидан 3D биопринтерларни ривожлантириш бўйича доимий изланиш олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотлар қон томирлар, тери ва тоғайлар, қолаверса юрак, жигар ва буйракни шу усулда чоп этиш мумкинлигини тасдиқлаган.

Шу сабабли жаҳонда био-сиёҳга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, унинг нархи ҳам анча қиммат. Мазкур кашфиёт келажакда донорлик аъзоларига бўлган эҳтиёжни қоплашга ва кўплаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Қолаверса, ушбу кашфиёт Ўзбекистоннинг илм-фани ва тиббиёти ривожида муҳим қадам саналади.

Маълумот учун, 2025-йилда 147 нафар ёш олим Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган ва тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган стажировка танловлари натижасида хорижда стажировка ўтайди.

Ўзбекистон