Тошкент вилоятида 1,4 млн долларга 16 гектар ер олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди

Тошкент вилоятида 1,4 миллион доллар эвазига 16 гектар ер олиб беришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Оҳангарон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи 77, 46 ва 43 ёшли шахслар фирибгарлик йўли билан маҳаллий тадбиркорнинг 300 минг долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, улар тадбиркорнинг ишончига кириб, Оҳангарон туманида жойлашган «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 16 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали, у раҳбарлик қилаётган масъулияти чекланган жамият номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига улар 1,4 миллион доллар талаб қилган ва 300 минг долларни олдиндан бериши кераклигини айтган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар