Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган бухоролик йигит ушланди

Самарқандлик фуқарога пул эвазига Европа Иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга боришда ёрдам беришни ваъда қилган бухоролик эркак қўлга олинди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқароларни айланма йўллар билан АҚШ давлатига ноқонуний юбораётган жиноий гуруҳ аъзолардан бирининг фаолиятига чек қўйилган.

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 28 ёшли М.Ф. фуқароларни ноқонуний йўллар билан Европа Иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган. У навбатдаги «мижози» – самарқандлик фуқарони АҚШга юбориш учун 15 минг доллар сўраган. Тезкор тадбир чоғида М.Ф. ушбу пулдан 3 минг долларини маҳаллий фуқародан олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар