Чустда икки нафар хорижда ўқийдиган талабанинг ўқишини НамДУга кўчириб бериш учун салкам 5 минг доллар олган эркак ушланди
Наманган вилояти Чуст туманида икки нафар хорижда ўқийдиган талабанинг ўқишини Наманган Давлат Университетига кўчириб бериш учун салкам 5 минг доллар олган эркак қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Наманган давлат университети докторанти, 1987 йил Чуст туманида туғилган шахс маҳаллий фуқарони Қирғизистон ОТМларининг бирига ўқишга киритиб қўйишини ҳамда 2021-2022 ўқув йилида НамДУга кўчиртириб беришини айтган ва 2000 доллар сўраган. Мазкур шахс турмуш ўртоғи воситачилигида сўралган пулни олган вақтида ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.
Бундан ташқари, ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этаётган вақтда у Украинанинг Харков миллий университетида ўқийдиган талабанинг ўқишини НамДУга кўчиртириб беришини ваъда қилгани ҳамда 800 доллар ва 2 миллион сўм олгани аниқланган. Шунингдек, мазкур шахс ушбу талабадан олдин ҳам 2000 доллар олганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Чортоқда 2 минг долларга машина олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилгани ва Наманган шаҳрида 0,04 грамм гашишни 250 минг сўмга сотаётган эркак ушлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Тўрақўрғонда эшик қулфини бузиб, тилла занжир ўғирлаган 2 киши қўлга олингани ҳамда Наманганда 9,5 минг долларга уй олиб, пулини бермасдан, бошқасига сотиб юборган эркакка жиноий иш очилгани маълум қилинганди.