Наманган шаҳрида 0,04 грамм гашишни 250 минг сўмга сотаётган эркак ушланди

Наманган вилояти Наманган шаҳрида 0,04 грамм гашишни 250 минг сўмга сотаётган эркак жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ушбу ҳолат 6 октябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ҳамда Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган «Назорат-харид» тадбири давомида аниқланган.

Маълум қилинишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро 250 минг сўм пул эвазига ўткир ҳидли, кўкимтир рангли гиёҳванд моддасига ўхшаш моддани сотаётган вақтида ушланган. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модданинг соф оғирлиги 0,04 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддаси эканлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 10 октябрь куни Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан аввал Янгиқўрғонда уйида салкам 19 грамм марихуана сақлаб келган эркак ва Когон шаҳрида сопол тувакда каннабис етиштириб келган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак ҳамда Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар