Янгиқўрғонда уйида салкам 19 грамм марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида салкам 19 грамм марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 27 cентябрь куни ўтказилган «Қорадори-2020» тадбири давомида Янгиқўрғон туманида олиб борилган тезкор маълумотга кўра, туманда яшовчи 49 ёшли фуқаронинг уйидан марихуана гиёҳвадлик моддаси аниқланган. Ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганда фуқаро ҳовлисидаги молхонасининг тўсинлари орасида кўк рангли матога ўралган, ўткир ҳидли, кўкимтир рангли модда борлиги аниқланган. Ушбу модда текшириб кўриш учун туман Ички ишлар бошқармасига олинган.
Наманган вилояти ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, ушбу модданинг оғирлиги 18,63 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 30 сентябрь куни Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Aввалроқ Наманган туманида чўнтагида 2 граммга яқин марихуана олиб юрган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.