Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак қўлга тушди
Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотаётган эркак далилий ашёлар билан қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Қўшработ тумани «Жўш» маҳалласида яшовчи 1994 йилда туғилган А.Д. фуқаро Ж.Ж.га жами 3528 дона «Регопен 300 мг» таблеткаси ва 300 дона «Тропикамед» кучли таъсир қилувчи дориларини 3000 АҚШ долларига сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилингани ҳамда Наманганда уйида психотроп ва таркибида гиёҳванд моддалар мавжуд дори воситаларини сақлаб келаётган фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди.