Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди

ДХХ ходимларининг Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлари давомида дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Хусусан, Андижон шаҳрида жойлашган «Vitamin Expert» МЧЖ иш юритувчиси М.М. Фарғона шаҳрида 1120 дона «Лирика» ва 110 дона «Тропикамид» дори воситаларини 28 миллион 350 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган. Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида М.М. мазкур дори препаратларини Андижон вилояти Пахтаобод тумани Маданият қишлоғида яшовчи Д.А.дан олганлиги маълум бўлган.

Шундан сўнг тезкор тадбир Андижон вилоятида давом эттирилиб, М.М.дан сотилган товар учун 20 миллион сўм олган вақтида Д.А. ҳам ушланган. Аниқланишича, Д.А. ушбу кучли таъсир этувчи дори воситаларини Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида яшовчи Шоҳжаҳон исмли шахсдан сотиб олиб, Пахтаобод туманидаги айланма йўллар орқали мамлакат ҳудудига олиб кирган.

Шунингдек, Марғилон шаҳрида ўтказилган бошқа бир тезкор тадбир давомида Риштон туманида яшовчи М.С. Фарғона—Тошкент йўналишидаги автотураргох ёнида 808 дона «Тропикамид» дори воситасини 60 миллион 600 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Бундан ташқари, Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Ю.С. ва Х.О. Қирғизистондан келтирилган 5600 дона «Лирика» дори воситасини 100 миллион сўмга сотмоқчи бўлган вақтида ушланган. Қува туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса маҳаллий фуқаролар Я.Я., А.М. ва А.С. 2240 дона «Лирика» капсуласини 3000 АҚШ долларига сотган вақтларида ушланган.

Таъкидланишича, бундай кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг асосий истеъмол бозори сифатида кўриладиган Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари давомида Наманган вилоятида яшовчи Ю.О., О.О. ва Ж.О. қўлга олинган. Улардан Қирғизистондан ноқонуний равишда олиб келинган 15 минг донадан зиёд «Регапен» капсулалари процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

Маълумотларга кўра, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 8960 дона «Лирика», 15 022 дона «Регапен» ва 918 дона «Тропикамид» дори воситалари мусодара қилинган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда уйида психотроп ва таркибида гиёҳванд моддалар мавжуд дори воситаларини сақлаб келаётган фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди.