Қўқонда 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана сақлаб келган эркак қўлга олинди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 8 октябрь куни 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана гиёҳванд моддалари сақлаб келган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қўқон шаҳар бўлими, ДХХ, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тезкор тадбир ўтказган. Тадбир мобайнида Қўқон шаҳрида яшовчи А.А.нинг гиёҳвандлик ва психотроп моддалари ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноий фаолият билан шуғулланаётганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қўқон шаҳар Темур Малик кўчасидаги фуқаро А.А.га тегишли акфа ром ишлаб чиқариш цехи тегишли тартибда кўздан кечирилганда турли жой ва хоналар ҳамда унга тегишли бўлган «Lacetti» русумли автомашинадан жами 16 дона «Тропикамид 10 мл», 6 та кассетада 53 дона «Трамадол Ланнахер 50 мг» дори воситалари ва 3 та коробка қутисида 10 та кассетада жами 129 дона «Лирика 300 мг» дори воситаси, 3 та целлофан пакетда гашиш ва марихуана гиёҳванд моддалари борлиги аниқланган ҳамда холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Сўнгра фуқаро А.А.дан шу каби психотроп ёки кучли таъсир қилувчи дори воситалари мавжуд бўлса, ихтиёрий равишда топширилиши сўралган ва тушунтириш ишлари олиб борилган. Айбини тушуниб етган фуқаро шаҳарда жойлашган уйида сотиш мақсадида сақлаб келаётган 17 та коробка қутисида 68 та кассетадаги жами 952 дона «Лирика 300 мг» дори воситаларини ҳамда 100 та кассетада жами 1000 дона «Трамадол Ланнахер 50 мг» дори воситаларини ўз ихтиёри билан топширган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Қўқонда фуқаро опий гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақитда ва Янгиқўрғонда уйида салкам 19 грамм марихуана сақлаб келган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Когон шаҳрида сопол тувакда каннабис етиштириб келган эркак ҳамда Самарқанд шаҳрида 3 минг долларлик психотроп моддаларни сотмоқчи бўлган эркак қўлга тушгани маълум қилинганди.