Қўқонда фуқаро опий гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақитда қўлга олинди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида опий гиёҳвандлик моддасини сотган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қўқон шаҳрида 3 октябрь куни тезкор тадбир ўтказилган. Натижада фуқаро И.И. Ортиқов кўчасида бир дона целлофан пакетга ўралган опий гиёҳвандлик моддасини 450 минг сўм эвазига сотган вақтида ушланиб, холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисми билан жиноят иши кўзғатилган. Фуқарога нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Aввалроқ Бухоро шаҳрида салкам 7 грамм марихуана сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.