Навоийда тадбиркорга 50 гектар ер олиб бериш эвазига пул олаётган масъул шахс ушланди
Навоий вилояти Хатирчи туманида давлат ўрмон хўжалиги масъули пул олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Tez News’га хабар берди.
Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, Хатирчи давлат ўрмон хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи Ф.Х., «Ф» МЧЖ иш бошқарувчисининг ишончига кирган ва жамиятга ўрмон хўжалиги ҳудудидан узоқ муддатли ижара шартнома тузиш орқали 50 гектар ер ажратиб беришга ишонтирган.
Қайд этилишича, воқеа жойида 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Ф.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.