Тошкентдаги бозорларда кунлик йиғим ва ижара нархлари ошиши мумкин

Тошкент бозорларида сотувчилардан ундириладиган бир марталик йиғимлар миқдорини ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, бир қанча бозорларда савдонинг қатор турларидаги патта нархини 29% гача ошириш режалаштирилмоқда. Янги нархларнинг миқдори эса қуйидагича ўзгариши мумкин:

— Ҳўл мевалар: олма, анор, нок, шафтоли, анжир, олхўри, гилос, кўк ва қизил султон, ўрик, узум, олча, қулупнай, малина ва ҳ. к. — 18 минг сўм (ҳозирги нарх 15 минг сўм);

— Цитрус ва тропик мевалар (апельсин, мандарин, лимон, банан, ананас, киви ва шунга ўхшашлар) ҳамда чет элдан келтирилган (Марказий Осиё давлатларидан ташқари) бошқа ҳўл мевалар — 39 минг сўм (32 минг сўм);

— Қуруқ мевалар: ёнғоқлар: туршак, баргак, майиз, ёнғоқ, ерёнғоқ, бодом, писталар, шўрданак ва ҳ. к. — 40 минг сўм (33 минг сўм);

— Сабзавотлар: картошка, пиёз, карам, сабзи, саримсоқ, лавлаги, шолғом, булғор қалампири, бақлажон, патиссон, помидор, бодринг ва ҳ.к. ҳамда пиширилган жўхори — 11 минг сўм (10 минг сўм);

— Сут маҳсулотлари: сут, қатиқ, қаймоқ, сметана, уй пишлоғи, сузма ва ҳ.к — 18 минг сўм (15 минг сўм).

Шунингдек, бозорлардаги ижара ва тўлов нархлари турли хил миқдорда ўзгаради. Масалан, «Ўрикзор» бозорида нархлар 30% гача, Сергели автомобиль бозорида жой ижараси ўртача 25-30% га, енгил автомобиль, мотоцикл ёки мотороллер сотиш жойлари учун эса йиғимлар тахминан 20% га оширилиши таклиф қилинди.

Бошқа савдо ва хизмат кўрсатиш турлари нархлари билан батафсил бу ерда танишиш мумкин.

Қарорлар