Болаларда ногиронликнинг олдини олишга кўмаклашувчи тизим яратилади

2027 йил 1 июлгача кундузги парвариш хизматини йўлга қўйган тадбиркорларга Марказий банкнинг асосий ставкасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида мебел ва жиҳозлар хариди учун имтиёзли кредитлар ажратилади.

Ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишни ташкил этиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида, қуйидагилар яратилади:

— 2025 йил 1 мартгача «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида «Кундузги парвариш хизматини бошқариш» ахборот модули ҳамда унинг мобил иловаси;

— 2025 йил 1 сентябргача болаларнинг ривожланишида кузатиладиган нуқсонларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида комплекс ижтимоий-тиббий ёрдам билан қамраб олиш, уларда ногиронликнинг олдини олиш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларда муваффақиятли ижтимоийлашувни таъминлашга кўмаклашувчи «Болалар саломатлиги» ахборот тизими.

Шунингдек, уч ой муддатда Солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар Ҳукуматга киритилади:

— давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини 2030 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод қилиш;

— ота-онанинг кундузги парвариш хизматларидан фойдалангани учун ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик.

Қарорлар