Фарзандлари билан ўзини сувга ташлаган аёл қамоққа олинди
Қайнонаси билан келишмовчилик туфайли ўзи ва 3 нафар вояга етмаган фарзандини Дарғом каналига ташлаган 26 ёшли самарқандлик аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи 26 ёшли аёл А.Қ. қайнонаси С.Қ. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал оқибатида вояга етмаган 3 нафар фарзанди билан бирга яшаш уйидан чиқиб кетиб, ота-онасининг уйига борган.
Шундан сўнг, 3 ноябрь куни А.Қ. вояга етмаган қизини онасини уйидан, ўғилларини мактабгача таълим муассасасидан олиб, Самарқанд тумани «Янгиариқ» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Дарғом» каналининг олдига келиб, ўзи ва фарзандларини сувга ташлаган. «Оқ-амур» номли ошхонада ёлланма ишчи бўлиб ишловчи фуқаролар А.Қ. ҳамда унинг 2 нафар фарзандини сувдан чиқариб олган. Бироқ, аёлнинг бир нафар фарзанди воқеа жойида вафот этган.
Орадан 10 кун ўтиб, 13 ноябрь куни А.Қ.нинг вояга етмаган фарзанди мурдаси «Дарғом» каналининг қирғоғидан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасига хизмат текширувлари тайинланган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.