Самарқандда ўғрилик қилиб юрган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди
Самарқанд вилоятида ўғрилик билан шуғулланувчи гуруҳ фаолиятига ИИБ томонидан чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 10 февраль куни Каттақўрғон шаҳар ИИБга фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, қўл телефони ва эҳтиёт қисмлари сотиладиган дўконига номаълум шахс ғайриқонуний равишда кириб, жами 8 миллион сўмлик телефон аппаратларини яширин равишда талон-торож қилиб воқеа жойидан яширинганлигини маълум қилган.
Таъкидланишича, тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноят муқаддам ЖКнинг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан судланган, ИИО қидирувида бўлган 1997 йилда туғилган Д.Ш., 2003 йилда туғилган А.Ш., 2006 йилда туғилган М.Р., 2004 йилда туғилган фуқаро Қ.Б. томонидан содир этилганлиги аниқланиб, улардан 3 дона «Inoyi» русумли ҳамда 1 дона «J-2» русумли қўл телефонлари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, ушбу шахслар 8 февраль куни савдо дўконига ғайриқонуний равишда кирмоқчи бўлган вақтларида, жабрланувчи келганлигини кўриб қолган ва ўзларига боғлик бўлмаган ҳолда жиноятни охирига етказа олмаганликлари аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.