Каттақўрғонда 2020 йил 33 минг тоннадан ортиқ дон ҳосили олинди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 2020 йилда 33 170 тонна дон йиғиштириб олинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Маълум қилинишича, Қаттакўрғон туманида 8926 гектар майдонда 64 770 тонна бошоқли дон ишлаб чиқаришга эришилиб, ўртача ҳосилдорлик 72,5 центнерни ташкил этган. Давлатга 33 170 тонна дон маҳсулоти етказиб берилган бўлиб, бу йиллик режанинг 107 фоизга бажарилганини англатади. Туманда 2021 йил ғалла ҳосили учун уруғ қадаш ишлари бошланиб, 8926 гектарга ғалла экилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 200 гектарга яқин майдонга ғалла экилган.
Хабарга кўра, Туркияда ишлаб чиқарилган 5 турдаги ғалла сеялкалар ёрдамида 1 гектар экин майдонига 180 килограммдан уруғлик дон экилади. Натижада аввалги сеялкаларга нисбатан ҳар гектар ер ҳисобига 50 килограммдан уруғлик иқтисод қилинади.
Шунингдек, 2020 йилги ғалла экиладиган майдонларга 250 килограмм фосфорли ва 100 килограмм калийли ўғитлар берилиб, уруғ қадалади. Ғалла экишга ер тайёрлаш ва шудгорлаш ишларига тумандаги 72 дона ҳайдов тракторлари жалб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқдарёда 2020 йилда салкам 10 гектар ердан 33 тоннага яқин буғдой ҳосили олинган. Шунингдек, Пастдарғомда 2021 йил ҳосили учун салкам 18,5 минг гектар майдонга ғалла экилиши хабар қилинганди.