Наманганда алиментдан салкам 2,5 млн сўм қарзи бор эркак хотини билан ярашиб олди

Наманган шаҳрида алиментдан салкам 2,5 миллион сўм қарзи бўлган ота тушунтириш ишларидан сўнг хотини билан ярашди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, бюронинг Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ манфаатларини таъминлаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судлардан юборилган ҳужжатлар ижросини таъминлашда алимент пулларини ундириш билан бир қаторда оилани яраштириш тадбирларини ҳам олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, М.Р. турмуш ўртоғи М.Ғ. билан ажрашиб кетган эди. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг буйруғига кўра 1 нафар фарзанди учун алимент ундирилиши белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига олинган ва тегишли қарор қабул қилинган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик 2 миллион 400 минг сўмга етган.

Таъкидланишича, ушбу оила вакиллари бўлим биносига таклиф этилган ва тушунтириш ишлари олиб борилган. Навбатдаги тушинтириш ишларидан сўнг эса оила ярашишга аҳд қилган.

Бундан аввал Ургутда ажрашган ва ажрашиш ёқасида бўлган 120 дан зиёд ва Когонда бир кунда ажрим ёқасидаги бешта оила яраштирилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда сўнгги 12 кунда 4300 дан ортиқ оила муаммолари ўрганилгани ҳамда Олотда ажрим ёқасига келиб қолган 4 та оила яраштирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар