Президент Рамазон ҳайити муносабати билан 400 дан ортиқ маҳкумларни афв этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 135 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 200 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 26 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган. Шунингдек, 65 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.
Афв этилганларнинг 11 нафарини чет эл фуқаролари, 50 нафарини аёл, 13 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 157 нафарини ёшлар (шулардан, 3 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.