UzAuto Motors Powertrain «CSS-Prime янги авлод двигатели «Machining head» ва «Цилиндр блоклари» линияларини ишга туширди
Бугун 4-июл куни «Ўзавтосаноат» АЖ таркибига кирувчи «UzAuto Motors Powertrain» заводида Ўзбекистон автомобилсозлик саноатида муҳим воқелик — Chevrolet Tracker ва Chevrolet Onix автомобилларини ишлаб чиқаришда фойдаланилувчи CSS-Prime янги авлод двигателларининг «Machining head» ва «Цилиндр блоклари» линияларини тантанали тарзда ишга туширди. Мазкур линиянинг ишга туширилиши корхона ривожланишини янги босқичга кўтарилиши ҳамда «Power To Drive» шиори остида фаолият юритишига туртки бўлди.

Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу авлод двигателларини йиғиш «UzAuto Motors Powertrain» заводида 2022 йилнинг декабрдан бошланган. Бугундан бошлаб корхонада ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси оширилади, яъни заводга келтирилувчи ишланмаган деталлар (хомашё)лар юқори аниқликда ишловчи энг илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда қайта ишланади.

Механик қайта ишлаш линиясининг ишга туширилиши CSS-Prime двигателларининг маҳаллийлаштириш даражасини оширилишига, шунингдек, компонентларни тўғридан-тўғри йиғув линиясига етказиб бериш орқали сифатнинг ҳам ортишига сабаб бўлади. Келгусида двигателларнинг маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш мақсадида «Цилиндр блоклари» ва «Machining head»ларни юқори босимда ишлаб чиқарувчи қуюв цехини ишга тушириш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабр ойида CSS-Prime двигателларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилишгач, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 415 минг донага етказилди.

«МДҲ давлатларида аналоги бўлмаган юқори аниқликдаги ва юқори сифатли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда қўшган ҳиссангиз учун барчангизга улкан миннатдорчилик билдираман. Янги авлод CSS-Prime дввигателлари линиясининг маҳаллийлашуви ҳар қандай шароитда автомобилнинг ишончли ишлашини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари ушбу двигателлар Evro-6 стандартига мос келувчи юқори экологик тозаликка эга бўлиб, бу маҳсулотнинг ички ва ташқи бозордаги истиқболини яна кенгайтиради», — дея таъкидлади «UzAuto Motors Powertrain» заводининг Бош директори Бо Андерссон.

«UzAuto Motors Powertrain» заводи нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки хорижий давлатларга ҳам истеъмолчилар талабларига жавоб берадиган сифатли двигателларни ишлаб чиқаришга интилмоқда. Мазкур двигателларни йиғиш тўлиқ завод ҳудудида амалга оширилмоқда, бунинг натижасида Chevrolet Onix ва Tracker автомобилларининг маҳаллийлаштириш даражаси бир поғона юқорига кўтарилди.
Двигателларни маҳаллийлаштиришнинг навбатдаги босқичи нолдан қурилган янги қуюв цехининг ишга туширилиши бўлиб, бу ерда CSS-Prime двигателлари учун қолиплар ишлаб чиқарилиши йўлга қойилади.







