Трамп туғилган кунида ҳарбий парад ўтказмоқчи
АҚШ президенти Дональд Трамп 14 июнь куни нишонланадиган армиянинг 250 йиллик юбилейи муносабати билан катта ҳарбий парад ўтказмоқчи. Бу ҳақда The Hill хабар берди.
Парад бўлиб ўтиши кутилаётган кунда АҚШ президенти 79 ёшни қаршилайди. Парад ҳақида биринчи бўлиб ёзган Washington City Paper газетасига кўра, унинг йўналиши 4 милга (деярли 6,5 километр) — АҚШ Мудофаа вазирлигининг Арлингтон штаб-квартирасидан Оқ уйгача чўзилади.
Маҳаллий маъмурият ва қуролли кучлар вакиллари Тhe Hill ва NewsNation нашрларига бундай режалар борлигини тасдиқлаган. Бироқ улар бу борада расмий ҳужжат ёки буйруқ йўқлигини таъкидлаган. Маҳаллий ҳокимият ҳозирча парад режалари ҳақида фақат хабардор қилинган.
Тадбирни режалаштириш 2024 йил бошланган. Бу жараёнда Вашингтон ҳокимияти ва армия муҳандислари иштирок этган.