Туркияда Истанбул мери ҳибсга олингани ортидан намойиш бошланди

Истанбул шаҳри мери, мухолифатдаги Республика халқ партияси вакили Акром Имомўғли қўлга олингани ортидан Туркия шаҳарларида намойишлар авж олди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Имомўғли бўлажак президентлик сайловларида Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг асосий рақиби ҳисобланган. Қўлга олинишидан олдин Истанбул университети мернинг дипломини бекор қилган. Имомўғлининг олий маълумоти йўқлиги президентликка расман номзод бўлишга имкон бермайди.

Намойишчилар шаҳар ҳокимияти, Имомўғли сақланаётган полиция бўлими, Истанбул университети ва бошқа яқин жойларда тўпланган. Улар ҳукуматга қарши шиорларни айтган.

Юз берган воқеа тўнтаришга уриниш бўлди. Акром Имомўғлининг президентликка номзод бўлиш эркинлиги тортиб олинмаяпти, бу миллатдан уни сайлаш эркинлиги тортиб олинмоқда, деган Республика халқ партияси етакчиси Ўзгур Ўзел мерия биноси олдида тўпланган намойишчиларга.

Республика халқ партиясининг бўлажак қурултойида 2028 йилда бўлиб ўтиши керак бўлган президентлик сайловларида мухолифат номзоди сифатида Акром Имомўғли эълон қилиниши кутилган эди. Муддатидан олдин сайловлар 2027 йил ноябрида бўлиб ўтиши мумкин.

Имамўғли иккита тергов доирасида шубҳа остига олинган — уни коррупцияда ва террорчилик ташкилотлари билан алоқадорликда гумон қилишмоқда. Тергов жараёнида 100 га яқин киши, жумладан, мернинг маслаҳатчиси ҳам ушланган.

Имамўғли ҳибсга олингандан сўнг, унинг ижтимоий тармоқларида «халқ иродасини қўрқитиш ёки ноқонуний ҳаракатлар орқали бостириб бўлмайди» деган баёнот пайдо бўлган.

Мен нафақат Истанбулнинг 16 миллион аҳолисига, балки Туркиянинг 86 миллион фуқаросига, шунингдек, бутун дунёда демократия ва адолатни қўллаб-қувватлаётган барча инсонларга ишонч билдирган ҳолда қатъий турибман, дея таъкидланган баёнотда.

Жаҳон