Саида Мирзиёева янги темир йўл орқали Ургутга ташриф буюрди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 17 декабрь куни Ургутга ташрифи давомида, Самарқанддан Ургут вокзалигача янги темир йўл орқали келганини маълум қилди.

Мирзиёевага кўра, бу йўл Ургутда эркин иқтисодий зона шаклланиши, тадбиркорлар, йўловчилар учун масофа ва харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма бўлади.
Шунингдек, президент администрацияси раҳбари Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси билан танишганини билдирди. Асосий мақсад — ҳудудни транзит нуқтадан иқтисодий фаолият марказига айлантиришдан иборат эканлиги таъкидланди.

Янги логистика маркази кунига 100 тагача юк автомобилига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Бу ерда логистика фақат ташиш эмас, балки маҳсулот қийматини оширувчи босқич сифатида кўрилмоқда. Божхона жараёнларида бюрократия қисқариб, тезлик ва шаффофлик оширилади, — деди Мирзиёева.
Қайд этилишича, диагностика марказида 200 нафар бемор, савдо марказида эса 800 нафар тадбиркор учун шароитлар яратилади. Бу орқали Тожикистон фуқаролари ҳам паспорт назорати, ортиқча ҳужжат ва навбатларсиз савдо қилишлари, тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Одамлар учун қулайлик ошади ва иқтисодий алоқалар янада кучаяди.






