Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича Стратегия тасдиқланди
Ўзбекистонда 2026–2030-йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича Стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур ҳужжат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг амалий ва тизимли ижросини таъминлаш, шунингдек болаларнинг хавфсизлиги ва қўллаб-қувватланишини кафолатлайдиган барқарор механизмни шакллантиришга қаратилган.
Қайд этилишича, мазкур қонун қабул қилингач, Ўзбекистон Богота чақириғига қўшилди ҳамда Патҳфиндинг халқаро алянсига аъзо бўлган. Бу эса мамлакатнинг болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз позициясини тасдиқлаши билдирилди.
Стратегия зўравонликнинг барча шаклларини қамраб олади ҳамда ИНСПИРE халқаро ёндашувларига, илғор жаҳон тажрибаси ва энг яхши амалиётларга асосланади. Ҳужжат ишларнинг тўлиқ жараённи — зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, тезкор жавоб чораларини кўриш, профилактика ва мониторингни ўз ичига олади.
Мен учун энг аҳамиятли ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлардир. Тергов ва суд жараёнлари жабр кўрган бола учун қўрқув ёки оғриқ манбаига айланмаслиги керак. Бу кенг кўламли ислоҳотларнинг фақат бир қисми. Ушбу муҳим ва масъулиятли вазифани амалга оширишда ҳисса қўшган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоасига ҳамда барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман, — Шаҳноза Мирзиёева.
Ҳужжатда зўравонликдан жабрланган болалар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда реабилитация қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Янги ижтимоий ва реабилитацион хизматлар жорий этилади, оилани мустаҳкамлаш ва ижобий ота-оналикни ривожлантириш бўйича чоралар кучайтирилади.
Шунингдек, «Меҳрли оила» хизмати, профессионал қабул қилувчи (фостер) оила институти жорий этилади ҳамда кам сонли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.
Тезкор жавоб чораларини кўриш ва ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар ахборот тизимларини интеграция қилиш кўзда тутилган.
Мактабгача таълим ташкилотларидан тортиб коллежларигача бўлган барча таълим муассасаларида «хавфсиз мактаб» концепцияси жорий этилади, шунингдек буллинг ва рақамли зўравонликка қарши чоралар кучайтирилади.





