Уй қамоғидаги шахсларни электрон браслет орқали назорат қилиш тартиби тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасида 5 декабрь куни «Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
Электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс оёғига тақилади. Шахс оёғига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ва бошқалар) қўл қисмига тақилишига рухсат этилади.
Низом:
— электрон браслет тақилиши белгиланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
— электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тартибини бузиш учун жавобгарлик;
— электрон браслетга шикаст етказилганда ёки йўқотилганда моддий зарарни ундириш тартиблари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Суднинг уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрими нусхаси Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика ахборот тизими орқали «Электрон браслет» ахборот тизимига юборилади.
Суднинг ажрими нусхаси келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғининг ёзма топшириғи асосида «Электрон браслет» ахборот тизимида ижрочи ходимлар белгиланади.
Туман (шаҳар) ички ишлар органи пробация бўлинмаси бошлиғининг озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсни электрон браслет орқали масофадан туриб назорат қилиш тўғрисидаги қарори «Электрон браслет» ахборот тизимида расмийлаштирилади.
Электрон браслетни қуйидаги шахсларга қўллаш мумкин эмас:
— 18 ёшга тўлмаган шахслар;
— ҳомиладор аёллар;
— 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
— I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
тиббий кўрсатмага кўра электрон браслетни тақиш тавсия этилмайдиган шахслар (имплант қилинган кардиостимулятор ўрнатилган шахслар, юқумли тери касаллиги (аллерго контакт дерматит, тери замбуруғи ёки қичима касаллиги) бўлган шахслар).
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, жинси, туғилган йили, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), электрон браслет тақилган вақт, электрон браслетнинг индивидуал рақами, ижрочи ходимларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва телефон рақами «Электрон браслет» ахборот тизимида қайд этилади.
Электрон браслетнинг корпусида шикастланиш ёки носозлик аниқланганда ёки электрон браслет йўқотилганда, ижрочи ходимлар зудлик билан туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғига бу ҳақда ёзма ахборот беради.
Туман (шаҳар) ички ишлар органи бошлиғининг ёзма топшириғи асосида электрон браслетнинг шикастлангани, носоз ҳолатга келгани ёки йўқотилгани сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш бўйича текширув ўтказилади.
Текширув натижасига мувофиқ:
— ижрочи ходимлар томонидан электрон браслетга шикаст етказилгани ёки йўқотилгани ҳолати аниқланган тақдирда, уларга нисбатан моддий жавобгарлик чоралари қўлланилади;
— электрон браслетга уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс қасддан шикаст етказгани аниқланган ҳолларда, етказилган моддий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши таъминланади.
Етказилган моддий зарарнинг миқдори текширув хулосасида белгиланади. Текширув хулосаси ижрочи ходимлар ва уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсга тилхат олиш йўли билан эълон қилинади.
Уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган ёки озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахс моддий зарарнинг ўрнини бир ой муддат ичида қопламаса, ушбу зарар суд тартибида ундирилади.