Таиланд бош вазирининг Камбожа собиқ раҳбари билан суҳбати интернетга тарқалди
Таиланд бош вазири Паентонтар Шинаватра ва Камбожа собиқ раҳбари Хун Сен ўртасидаги чегара можаросига оид телефон суҳбати интернетга сизиб чиқди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Суҳбатда бош вазир Хун Сенни «амаки» деб атаган, шунингдек, Таиланд ҳарбий қўмондонини ишдан олиш ниятини билдирган. Ушбу баёнотлар жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди.
38 ёшли бош вазирнинг коалицион ҳукумати қулаш арафасида. Ҳукмрон Peu Thai партияси ичида ҳам босим кучайган, 18 июнь куни эса коалициянинг иккинчи йирик партияси Bhumjaithai альянсдан чиқди.
Шинаватра 19 июнь куни омма олдида узр сўради.
Танқидчилар бош вазирнинг Хун Сенга нисбатан илиқ муносабати ва ҳарбийларнинг обрўсига путур етказган фикрларини кескин танқид остига олмоқда.
Шинаватранинг Камбожадаги Хун оиласи билан дўстлиги ўнлаб йилликларга бориб тақалади. У 2024 йил августида бош вазирлик лавозимини эгаллаган эди. Ҳозирда унинг ҳукумати озчиликда қолган.