Хитой Марказий Осиё давлатларига беғараз грант ажратади

Хитой 2025 йилда Марказий Осиёнинг беш давлатига 1,5 млрд юань (тахминан $208 млн) миқдорида беғараз ёрдам ажратади. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Хитой» II саммитида маълум қилди.

Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, ажратиладиган маблағлар аҳолининг фаровонлигини ошириш ва ушбу давлатларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бундан ташқари, Хитой келгуси икки йилда минтақадаги давлатлар фуқаролари учун 3 мингта касбий тайёргарлик курслари квотасини ҳам тақдим этади.

Хитой раҳбари хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, замонавий таҳдидларга биргаликда қарши туриш ва терроризм, трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, у Хитой томони кибер ва биологик хавфсизликни таъминлашда ҳам ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Си Цзиньпин Хитой университетларида Марказий Осиё мамлакатлари тилларини ўрганиш курслари очилишини ҳам эълон қилган.

Сиёсат