«Сўнгги йилларда солиқларни 13 тадан 9 тагача камайтирдик» — Президент
Тошкентда бўлиб ўтаётган халқаро инвестиция форумида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, сўнгги йилларда солиқлар қамайтирилгани ва республикада амалга оширилаётган солиқ сиёсати борасида гапирди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тагача камайтирилган. Шунингдек, мол-мулк, шахсий даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари икки баробарга пасайтирилган. Шу билан бирга, 6 мингга яқин импорт бож ставкалари ҳам туширилган, ўтган 5 йил ичида 200 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинган ёки соддалаштирилган.
«Тадбиркорлик субъектлари зиммасидаги солиқ юкини янада камайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чоралари тизимли равишда давом эттирилмоқда. Ўзбекистонда хорижий инвесторлар билан ишлашнинг ‘ягона дарча’ тамойили асосида мутлақо янги тизими жорий этилиб, сармоядорларга ҳар томонлама кўмак берадиган, барча ҳудудлар ва тармоқларни қамраб олган Инвестициялар вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди», — деди давлат раҳбари.