Болалар учун янги клиник марказ ташкил этилди
«Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Фото: ССВ
Хабарга кўра, республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилди.
Таъкидланишича, 2022 йил 1 январдан мазкур Марказ Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил фаолият юритади.
Қайд этилишича, 1 сентябрга қадар ушбу янги барпо этилган тиббиёт муассасаси негизида 300 ўринли замонавий Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ҳам жорий этилади.
Бундан ташқари, онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 миллиард ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади.