«Крокус»да ишлаган барча мигрантларнинг терактга алоқадорлиги текширмоқда
Россия Тергов қўмитаси «Крокус Сити Ҳолл» концерт залининг барча хорижлик ходимларининг терактга алоқадорлигини текширмоқда.
Маълум қилинишича, Россия Тергов қўмитаси раҳбарияти терговчиларга «Крокус»да ишлаётган барча хорижликларни қайта сўроқ қилиш ҳақида кўрсатма берган. Шунингдек, Тергов қўмитаси ходимлари муҳожирларнинг Россияда қанча вақт бўлганини ва қандай шароитда концерт залида ишга жойлашганини аниқлаши керак бўлади.
Қайд этилишича, асосан Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон фуқаролари текширилади.
Дастлабки сўроқ пайтида терговчилар «Крокус»да ишлаган кўплаб хорижликлар мамлакатда ноқонуний бўлиши мумкинлигини аниқлаган ва миграция қонунчилигини бузган ҳолда ҳужжатларни олган.
Москва вилоятидан мигрантларга уй-жой ижарага берган уй эгалари ҳам Тергов қўмитаси вакилларининг саволларига жавоб бериши керак бўлади.