Тошкентда фирибгарлик йўли билан ўзганинг пластик картасидан 110 млн сўм ўғирлаган фуқаро ушланди

Тошкент шаҳрида яшовчи 28 ёшли аёл ички ишлар органларига банк картасидан жами 110 млн. сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар беради.

Шундан сўнг, киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан тезкор-қидирув ишлари олиб борилган. Унинг натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро содир этганлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, айбланувчи аёлнинг қўл телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини «Click» хизмати ходими сифатида таништирган. У аёлнинг ишончига кириб, унинг банк пластик картасига киберҳужум бўлаётганлигини айтган. Жабрланувчининг телефонига «SMS» хабарнома юбориш йўли билан, эркак аёлнинг банк картаси бошқарув ҳуқуқини қўлга киритган. Натижада фирибгар 110 млн. сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Янгиликлар