Ўзбекистонда 2022 йилда ЯИМ 5,9 фоизга ўсиши прогноз қилинди

Ўзбекистонда 2022 йилда ялпи ички маҳсулот 5,9 фоизга ўсиб, инфляция 9 фоизгача пасайиши прогноз қилинди.

Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасида 2021 йилнинг кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлари, 2022–2024 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар, 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинган.

Дастлабки статистик маълумотлар 2021 йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулотнинг 6,9 фоизга ўсганини кўрсатган. Бу даврда 338 мингта қўшимча иш ўрни яратилган, 77 мингга яқин янги тадбиркорлик субъекти иш бошлаган. Инвестициялар ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 32 фоизни ташкил қилди.

Айтилишича, 2021 йилнинг 9 ойида экспорт ҳажми олтин экспортини ҳисобга олмаган ҳолда 34,1 фоизга ўсиб, 8,9 миллиард долларни ташкил этган. Йил якуни бўйича мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 6,5–7 фоиз атрофида бўлиши, бунда саноатда ишлаб чиқариш ҳажми 9,1, қурилиш ишлари ҳажми 6,6, хизматлар соҳаси 8,6 ва қишлоқ хўжалиги 2,8 фоизга кўпайиши прогноз қилинган.

Таъкидланишича, 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,9 фоизга ўсиши, келгуси йилларда эса ўсиш суръатларининг бундан юқори бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Ҳукумат олдига 2026 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот миқдорини 2800 долларга етказиш ва 2030 йилга бориб эса 4000 доллардан ошириш вазифаси қўйилган. Шунингдек, ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш кераклиги айтилган.

Бундан ташқари, инфляция даражасини 2022 йилда 9 фоизгача, ўрта муддатда 5 фоизгача пасайтириш, давлат қарзини мўътадил даражада ушлаб туриш ҳамда давлат бюджети тақчиллигини 2022 йилда 3 фоиздан оширмаслик лозимлиги белгилаб олинган. Шунингдек, 2021 йилда умумий бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан оширмаслик учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшимча даромадларни шакллантириш, 2021 йилда амалга ошириш зарурати бўлмаган харажатларни мақбуллаштириш бўйича топшириқлар берилган.

2022 йилги солиқ сиёсатида бир қатор ўзгаришлар таклиф қилинган. Хусусан, 2022 йилнинг 1 январидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтириш, фойда солиғи ҳисоблашда инвестициявий чегирма миқдорини янги технологик ускуналар учун 10 дан 20 фоизгача, бинолар учун 5 дан 10 фоизгача ошириш мўлжалланган.

Шунингдек, амортизация нормаларини ўртача 2,5 баробарга ошириш таклиф қилинган. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда 2022 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2021 йилда кутилаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоиздан 3 фоизгача пасайтириш лозимлиги белгилаб олинган. Мажлисда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетнома Қонунчилик палатасига киритилиши айтилган.

Янгиликлар