Наманганда туман мактабгача таълим бўлими ходими салкам 15 млн сўм пора билан қўлга тушди

Наманган вилояти Уйчи тумани мактабгача таълим бўлими собиқ масъул ходими салкам 15 млн сўм пора билан қўлга тушди.

Маълум бўлишича, бўлим ҳисобчиси А.Ж. таъминотчи «К.» МЧЖ раҳбаридан 14,8 миллион сўм ва 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтда далилий ашё билан ушланган. Хусусан, бу ҳолат коррупцияга қарши курашиш комплаенс назоратини амалга ошириш бўлими ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Наманган вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда аниқланган.

Шунингдек, ходимга Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Вазирлик ходимининг «Bugun.uz» мухбирига маълум қилишича, яқинда ушбу иш бўйича суд бўлиб ўтган ва ходим 3 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бундан ташқари, бўлим ходимлари олиб борган ўрганиш натижасига кўра 6 та ҳолатда аниқланган қонунбузилиш ва коррупцион вазият бўйича чора кўриш учун Бош прокуратурага ҳужжатлар тақдим этилган. Шу билан бирга, мактабгача таълим тизимида фаолият юритган ҳамда коррупцияга мойиллиги бўлган 8 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Янгиликлар