Ўзбекистонда уч нафар ҳоким ўринбосари пора билан ушланди

Ўзбекистонда Тахиатош, Бўстон и Бўка туманлари ҳоким ўринбосарлари пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари томонидан ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтган.

Ҳоким ўринбосари бунинг эвазига 35 миллион сўм талаб қилиб, 32 миллион сўм олаётган вақтида ўз ишхонасида ушланган.

Шунга ўхшаш ҳолат, Андижон вилояти, Бўстон туманида содир бўлган. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси тадбиркордан 10 гектар ер тоифасини ўзгартиргани учун 20 минг доллар талаб қилган.

Аниқланишича, қолга киритган пулларни кенгаш раиси Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосарига топшириши керак бўлган. Амалдор хизмат машинасида 10 минг доллар олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Сўнгиси, Тошкент вилоятининг Бўка туманида юз берган, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси бошлиғи кўп қаватли уйни фойдаланишга давлат қабул қилиш далолатномасини тасдиқлаб бериш евазига 2,5 минг доллар талаб қилиб, у пул олаётган вақтида жиноят устида ушланган.

Маълум бўлишича, у Бўка тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосарига 1,2 минг доллар ўтказиши керак бўлган. Натижада у ҳам ҳибсга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар