Президент Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига жўнаб кетди

Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 16 сентябрь куни Тожикистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Саммитда ташкилотга аъзо мамлакатлар, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот бўйича шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этади.

Қайд этилишича, Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолияти ҳамда Тожикистон раислигининг якунлари кўриб чиқилиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Таъкидланишича, Саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади.

Бундан ташқари, анжуман доирасида “ШҲТ — КХШТ” форматидаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Янгиликлар